“СИБУР ХОЛДИНГ” КОМПАНИЯСИНИНГ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИДАГИ GTL ЗАВОДИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

image

2021 йилнинг 20 октябр куни Энергетика Вазири Алишер Султонов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев ҳамроҳлигида “СИБУР Холдинг” АЖ Бошқарув Кенгаши раиси Дмитрий Конов бошчилигидаги делегация Қашқадарё вилоятидаги GTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрди.

Ташриф “СИБУР Холдинг” АЖ делегациясининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида ташкил этилди.

Ташриф давомида делегация вилоятда амалга оширилаётган энг йирик инвестиция лойиҳаси, шунингдек, GTL заводида  ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишлари ҳолати билан танишди.

Делегацияга заводнинг бугунги кунда МДҲ ҳудудидаги энг замонавий ва инновацион ҳисобланувчи Марказий бошқарув пульти ва Марказий  лабораторияси тақдим этилди. Бундан ташқари, делегация аъзолари GTL заводининг технологик қурилмалари ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдилар.

“СИБУР Холдинг” АЖ Россияда энг йирик интеграциялашган нефт-кимё компанияси ва глобал нефт-кимё саноатида энг жадал ривожланаётган компаниялардан бири ҳисобланади. 2020 йилда “СИБУР”нинг даромади 7,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ўтган 10 йил мобайнида “СИБУР” бир қатор кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини амалга оширди.

“СИБУР Холдинг” делегацияси Ўзбекистонда углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш соҳасида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар ва нефт кимё саноатининг ривожланиш суръатларига қизиқиш билдирди.

Шу кунга қадар синтетик суюқ ёқилғини ишлаб чиқариш  заводида  асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишлари фаол суръатлар билан олиб борилмоқда. Қиймати 3,4 млрд. АҚШ долларидан ортиқ бўлган энг йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш 97% га бажарилди.

GTL заводининг ишга туширилганидан сўнг юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган дизел, керосин, нафта ва суюлтирилган газ каби 1,5 миллион тоннадан ортиқ юқори сифатли, экологик тоза нефт маҳсулотларни ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.