Таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграцияси – барқарор ривожланишининг асосидир

image

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда барқарор ривожланиш ёналиши олиб борилмоқда ва шу муносабат билан бир қатор хукумат қарорлари, давлат ва тармоқ дастурлари қабул қилинди.

Жахон тажрибасидан келиб чиқиб, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясидан хар қандай мамлакат иқтисодиёти инновацион салоҳиятини оширишга эришилади ва Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича харакатлар стратегиясининг мухим таркибий қисмларидан хисобланади.

Бу ўз навбатида мамлакатда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларда олий ўқув юртларининг фаол иштироки ва ташаббускорлигини ошириш каби қатор кенг кўламли ислоҳотлар, таркибий ўзгаришлар, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва диверсификациялашни талаб қилади. Натижада олий ўқув юртларини илғор технологияларни кенг жорий этадиган инновацион ва технологик ғоялар бўйича фикр алмашиш марказларига айлантирилиши, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, янги турдаги маҳсулот ва технологиялар кашф этиш, шу асосда ташқи ва ички бозорларда маҳаллий товарларнинг рақобатбардошлигини таъминлашга эришилади.

Шу муносабат билан, “Ўзбекнефтегаз” АЖ Бошқаруви раиси Мехриддин Абдуллаев кўрсатмасига биноан, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш мақсадида Uzbekneftegaz GTL ва Тошкент давлат транспорт университети (кейинги матнда – ТДТУ) “Uzbekneftegaz GTL томонидан ишлаб чиқарилган синтетик дизель ёқилғисини энергетик ва экологик жихатлардан бахолаш” мавзусида амалий илмий-тадқиқот иши (кейинги матнда – илмий лойиҳа) ташкил этиш тўғрисида шартнома имзоланди.

Ушбу илмий лойиҳа ТДТУ “Тарнспорт энергетика қурилмалари” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан, техника фанлари доктори, профессор Б.И. Базаров бошчилига амалга оширилади. Таъкидлаш жоизки, илмий лойиҳа амалга оширилишида бир қатор ташкилотлар ва махаллий транспорт ишлаб чиқарувчилар хам жалб қилинади, бу эса, қайд этиладиган натижаларнинг ишончлилигини оширади ва транспорт энергиясининг муқобил манбаларининг янги турлари тўғрисида маълумотларни кенг тарқатишга хизмат қилади.

Ушбу илмий лойиҳанинг мақсади – синтетик дизель ёқилғиси оғир юк автотранспортида қўлланилишида анъанавий дизель ёқилғисини билан қиёсий солиштириш орқали энергетик-экологик кўрсатгичлари ўзгаришини аниқлаш. Илмий лойихани амалга ошириш учун "Uzbekistan GTL" МЧЖ ўз транспорт воситаларини, шу жумладан кам тоннажли юк автотранспорти ва бошқа махсус техникаларини сафарбар қилиши кўзда тутилган.

Илмий лойиҳа амалга оширилишида анъанавий дизел ёқилғисини ўрнини босувчи синтетик дизель ёқилғисини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, қуйиш, қўллаш ва тахлил қилиш; синтетик дизель ёқилғисининг физик-кимёвий, термофизик хусусиятларини турли манбаълар ва илмий-техник маълумотлар асосида тахлил қилиш;  икки хил ёқилғида ишлаш кўрсатгичларини таққослаш учун дала тадқиқотлари ўтказиш методикаси ва дастурини ишлаб чиқиш; транспорт воситасини турли тезликда икки хил ёқилғида ишлаш кўрсатгичларини ўрганиш мақсадида дала тадқиқотларини ўтказиш кўзда тутилган.

Дала тадқиқотлари давомида қуйидаги кўрсатгичлар аникланади: максимал тезлик, автротранспорт воситасининг тезланиш вақти, ёқилғи сарфи, чиқинди газлар ва зарарли моддалар хосил бўлиш даражаси.

Илмий лойиха якунида тадқиқот, ишланмалар ва таққослаш натижалари бўйича GTL синтетик дизел ёқилғисидан фойдаланиш бўйича Техник хисобот тузилади ва кенг аҳоли ва бўлажак истеъмолчиларни ушбу ёқилғининг барча афзалликлари хақида хабардор қилиш учун тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади.

Uzbekneftegaz GTL Олий ўкув юртлари ва манфаатдор ташкилотлар билан фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустахкамлашни асосий вазифалардан деб билади.