“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг “Нефть ва газ саноати ходимларининг касб байрами” муносабати билан байрам табриги!

image

Қадрли ҳамкасблар!

Мамлакатимизда сентябрь ойининг биринчи якшанбаси “Нефть ва газ саноати ходимларининг касб байрами” сифатида кенг нишонланмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва ҳукуматимиз томонидан нефть ва газ соҳасини ривожлантириш учун барча шароитлар яратиб берилмоқда ва соҳа ходимлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг энг муҳим тармоғи бўлмиш, Нефть ва газ саноатида эришилган ҳар бир ютуқда барча-барчангизни ҳиссангиз бор. Шу муносабат билан сизларни самимий муборакбод этаман.

Нефть ва газ соҳасида фаолият олиб бораётган 50 минг нафарга яқин ходимларни матонат ва мустаҳкам ирода тимсолига ўхшатаман. Соҳанинг ривожланиши учун барчанинг узлуксиз ва бир тану бир жон қилиб меҳнат қилаётгани қувонарлидир.  

Барчангиз билан бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилаяпмиз, яхши натижаларга эришиш, Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлаш мақсадида сизларга қўшилиб, геолог, бурғиловчи, мастер, муҳандис, техник, тадқиқотчи, қурувчи ва устага айландим. Имкон қадар сизнинг ёнингизда бўлиб, машаққатли меҳнатингизда елкадош бўлиб, доимо ҳолингиздан хабардор бўлиш учун жойларга чиқиб, асл ҳолат билан танишишга ҳаракат қилаяпман.

Бугун қаршингизда туриб айта олмаган самимий тилакларимни қабул қиласизлар деган умиддаман. Барчангизни меҳнатингиз ва соҳа ривожига қўшаётган ҳиссангизни қалбан ҳис қиламан ҳамда ватанпарварлигингизни ҳурмат қиламан.

Қаҳратон қиш ва саратоннинг жазирима кунлари ҳам касбингизга бўлган меҳру-муҳаббатингизга, ватанга бўлган садоқатингизга раҳна сола олмаслилигини аллақачон гувоҳига айландим, айни  шу сабаб ҳам сиз билан бирга эканлигимдан ғурурланаман.

Сизларнинг метиндек иродангиз, машаққатли меҳнатингиз ва масъулиятингиз сабаб Нефть ва газ саноати тўхтовсиз ҳаракатланаётганини яна бир бор фахр билан таъкидлаб ўтаман. 

Ишончим комилки, бизни биргаликда янги муваффақиятлар, янги марралар кутмоқда. Биз бир тану бир жон бўлиб, бундан-да кўп ютуқларга эриша оламиз. Барчангиз бир жамоа бўлиб меҳнат қилаётганингиз учун самимий миннатдорчилигимни билдираман. 

Ўзингиз ва яқинларингизга сиҳат-соғлик, бахту омад, фаровон турмуш, касбий муваффақият, тинчлик-хотиржамлик тилайман. Яна бир бор байрамингиз билан табриклайман!

 

 

Ҳурмат билан,

 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси  

Меҳриддин Абдуллаев