“Ўзбекнефтгаз”: Амалга оширилаётган сўнгги босқичдаги қурилиш-монтаж ишлари ҳолатини ўрганиш мақсадида Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” GTL заводида бўлди

image

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари инвестицион лойиҳа доирасида амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларининг якуний босқичи ҳолатини ўрганиш ҳамда келгуси вазифаларни муҳокама этиш мақсадида “Uzbekneftegaz GTL” заводида бўлди.

Бошқарув раиси бунёдкорлик, қурилиш-таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишиб, қурилиш ишларини сифатини янада ошириш, яхши натижаларга эришиб самарадорликни юқори даражага кўтариш, технологик ҳудудларида ишга тушириш олди ишлари бўйича таклиф ва кўрсатмаларни берди.

Шунингдек, масъулиятсизлик билан нуқсонли материаллардан ва конструкциялардан фойдаланишга мутлоқо йўл қўймаслик, ишчи-ходимларнинг ҳаёти, соғлиғига зарар етказилиши мумкин бўлган омилларни бартараф этиш борасида топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, қурилиш майдонининг ўзи ва унга бевосита ёндош бўлган жойда қурилиш-монтаж ишларини жойида ўрганиш мақсадида, Бошқарув раиси даставвал заводнинг маъмурий биносида бўлди ҳамда бу ерда олиб борилаётган сўнгги пардозлаш ишларини кўздан кечириб, мавжуд муаммолар юзасидан эътирозларини билириб ўтди.

Аниқ мисоллар билан кўрсатилган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш ҳамда қурилиш-ишларини сифатли бажарилиши, лойиҳа талабларига амал қилиниши, белгиланган ишларни ўз вақтида якунлаш бўйича мунтазам назорат ишлари олиб борилиши кераклиги белгилаб берилди.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳанинг бош пудратчилари – Кореянинг “Hyundai Engineering”, “Hyundai Engineering&Construction” ҳамда “Enter Engineering” (Сингапур) консорциуми томонидан заводда ускуналарни ишга тушириш ишлари фаол суръатларда олиб борилмоқда.

Ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажаришда ҳозирги кунда 500 донадан зиёд техника жалб этилган бўлиб, қурилиш майдонида 9 минг ортиқ киши меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.

“Uzbekneftegaz GTL” заводи ишга тушгач, йилига 3,6 миллиард куб метр тозаланган табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нефть, кимё соҳаси учун хомашё бўлган нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилишига эришилади.

Шу сабабли, Бошқарув раиси Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлган заводда энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган қурилмаларни бошқариш ҳам кадрлардан катта малака талаб қилишини таъкидлаб, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ишларини ташкил этиш, “GTL” синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуасида ўрнатилган оловли печларни хавфсиз ишлатиш бўйича компания муҳандис ва техник мутахассислари билимларини ошириш кераклигини таъкидлади.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари заводнинг технологик ҳудудларида ишга тушириш олди ишлари ва қувурлар, ускуналарнинг синов ишлари жараёни билан батафсил танишиб чиқди.

Ўз навбатида, ёнилғи гази қабул қилиш, сувни совутиш қурилмаси (градирня), хом сувни қайта ишлаш қурилмалари – Минералсиз сув ишлаб чиқариш ҳамда ёнғин ўчирув сув тизими ишлаш фаолияти ҳам назорат қилинди.

Амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш даврида, ишга туширилган бош подстанция ва завод ташқи тизимдан электр энергияни қабул қилиниши, Марказий бошқарув пульти, машъала тизими ҳамда буғ ишлаб чиқариш котеллари, назорат ўлчов, автоматика тизими борасида ҳам топшириқлар берилди.