“Sasol” компаниясининг Президенти Ўзбекистонни “Uzbekistan GTL” Лойиҳасини муваффақиятли амалга оширилиши ва заводда биринчи маҳсулот чиқарилиши билан табриклади.

image

“Бу катта ютуқ ва муҳим босқич бўлиб, турли жамоаларнинг кўп йиллар давомида кўрсатган фидойилиги ва меҳнатсеварлигидан далолат беради. “Sasol” компанияси ўн йилдан ортиқ вақт давомида  UzGTLни технология, лицензиялаш, катализаторлар ва лойиҳа гуруҳлари билан таъминлаш билан қўллаб-қувватлаганидан фахрланади. Бизнинг майдондаги гуруҳимиз ва бош офисимиздаги қўллаб-қувватлаш гуруҳи ўз ишига содиқ қолган ҳолда, заводни ишга туширишнинг қолган ишларида ва дастлабки экплуатация босқичида  ёрдам кўрсатишга тайёрдирлар”- дея таъкидлади  “Sasol” компаниясининг Президенти ва Бош директори Флитвуд Гроблер Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва “Uzbekistan GTL” МЧЖ йўллаган табригида. 

Табрикномада жаноб Гроблер “Uzbekistan GTL” заводини лойиҳавий қувватга чиқаришда улкан муваффақиятлар тилаб, узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни кенгайтиришга умид билдириб, “Sasol” компаниясининг юқори бошқарув гуруҳи яқин кунларда шахсан учрашиш ва табрикларини етказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.

Жанубий Африканинг компанияси “Sasol Technology (Pty) Ltd.” “SASOL SPD” технологияси - синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича “Uzbekistan GTL” лойиҳасининг ягона лицензиари ҳисобланади. Компания синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи бўлиб, GTL технологиясини тижоратлаштириш асосчиси ҳисобланади. “Sasol” икки қитъада жаҳон даражасидаги GTL лойиҳаларини ишлаб чиқди. Ўзбекистондаги GTL заводи “Sasol” технологияси бўйича лойиҳалаштирилган дунёдаги учинчи заводдир.