Uzbekistan GTL дизель ёқилғисининг нархи учини маротаба арзонлаштирилмоқда. Заводнинг иккинчи босқичи ишга туширилмоқда.

image

Uzbekistan GTL мажмуасида жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб синтетик суюқ ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлиб, республика товар хом-ашё биржаси орқали истеъмолчиларга кунлик равишда биржа савдолари орқали етказилмоқда.

Uzbekistan GTL дизели Европа сифат даражасига жавоб берадиган замонавий ва юқори сифатли ёқилғидир.  ЕВРО-6 стандарти талабларига тўлиқ жавоб берадиган GTL дизели Ўзбекистонда ва МДҲ мамлакатларида мукаммал ишлаш ва экологик хусусиятларга эга биринчи синтетик ёқилғиси ҳисобланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига кўра “Uzbekistan GTL” заводи тўлиқ иш режимига ўтказилган бўлиб, ишлаб чиқариш ҳажмлари босқичма-босқич оширилиб борилмоқда, шу жумладан жорий йилнинг ноябрь ойида заводнинг иккинчи навбати ишга туширилиши ҳисобига тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари янада оширилиши кутилмоқда.

Ҳозирда заводда ўртача бир кунда 1500 тонна синтетик дизель ишлаб чиқарилаётган бўлса, ноябрь ойида, заводнинг иккинчи босқичи ишга туширилиши ҳисобига бир суткада ўртача 3000 тоннагача ёқилғи ишлаб чиқарилишига етказилади. Ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш орқали маҳсулот таннархини пасайишига эришилмоқда.   

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан республика ички истеъмолчиларига юқори сифатли ва экологик тоза дизель ёнилғисини етказиб беришни таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқварув раисининг кўрсатмасига биноан жорий йилнинг 31 октябрь кунидан бошлаб ЎзРТХБ орқали сотувга жойлаштириладиган синтетик дизель ёқилғисининг бир тоннасининг бошланғич нархи 12 998 420 сўмгача  арзонлаштирилиши белгиланди.

Келгусида завод томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмлари ортиши натижасида уларнинг таннархи ва мос равишда биржа савдоларига қўйиладиган бошланғич нархлари ҳам босқичма-босқич пасайиб бориши давом этади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу нарх арзонлаштирилиши сунгги уч ой ичида учинчиси ҳисобланиб, аввал жорий йилнинг 29 августдан синтетик дизелнинг бошланғич нархи 15 550 500 сўмдан 14 504 378 сумга, сўнг 13 сентябрдан 13 897 110 сўмгача арзонлаштирилган эди.

GTL ёқилғисининг беқиёс тозалиги ва унинг юқори самарадорлиги техниканинг ишлаш ва техник хусусиятларини сезиларли даражада оширади. Uzbekistan GTL ёқилғиси Швейцариянинг SGS гуруҳининг Белгия, Эстония ва Франциядаги сертификатланган марказларида синовдан ўтказилган. GTL дизели Евро 4 ва ундан юқори бўлган ёнилғида ишлайдиган енгил автомобиллар ва юк машиналари, шунингдек, маҳаллий  ва хорижда ишлаб чиқарилган габарит ва махсус дизель ёнилғили транспорт воситалари учун идеал тарзда мос келади.