SOCAR КОМПАНИЯСИ ВАКИЛЛАРИ “UZBEKISTAN GTL” ЗАВОДИГА ТАШРИФ БУЮРДИЛАР

image

Озарбайжон Республикасининг Давлат нефть компанияси (SOCAR) ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан имзоланган йўл харитасига биноан, персонални бошқариш соҳасида ташкилотлар ўртасида тажриба алмашиш ишларини йўлга қўйиш белгиланган.

Мазкур тажриба алмашиш ишларини давоми сифатида, SOCARнинг персонални бошқариш йўналишидаги делегациясининг 2-гуруҳи жорий йилнинг 11-май санасида “Uzbekistan GTL” заводининг ишлаб чиқариш фаолияти билан танишди.

Ташриф давомида, делегация аъзоларига синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи инвестицион лойиҳани амалга ошириш тарихи, маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни хамда малакали кадрлар тайёрлаш дастури доирасида амалга оширилган ишлар ва ходимларга яратилган шароитлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “Uzbekistan GTL” каби гигант заводни эксплуатация қилиш жараёнида фаолият юритаётган ходимларнинг асосий қисми маҳаллий олий таълим муассасаларида таҳсил олган ёш шижоатли мутахассислар эканлиги, шунингдек, бизнес жараёнларни электрон рақамлаштириш орқали иш унумдорлигининг ошишига ва ресурсларнинг тежалишига эришилаётганлиги алоҳида эътибор ва таҳсинга сазоворлиги тўғрисида делегация аъзолари томонидан таъкидланди.

Ташриф сўнгида, меҳмон делегация билан Бош операцион директор – Носирбек Зажиржанов учрашув ўтказди. Учрашув давомида, икки қардош давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш, хусусан нефть ва газ соҳасида эришилган ютуқлар ва тўпланган тажрибаларни ўзаро ўртоқлашиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, мазкур ташриф келгусида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.