2022 йил 18 май куни Қозоғистон Республикаси Атирау вилояти ҳокимлигининг делегацияси “Uzbekistan GTL” заводига ташриф буюрди.

image

Атирау вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Серик Айдарбеков бошчилигидаги делегация Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Улуғбек Узаков ва Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов ҳамроҳлигида Қашқадарёдаги GTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрди.   

Ташриф Қозоғистон Республикаси Атирау вилояти ҳокимлиги делегациясининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида ташкил этилди.

Ташриф давомида делегация минтақанинг энг йирик сармоявий лойиҳаси, шунингдек, GTL Заводининг ишлаб чиқариш ва технологик жараёнлари билан танишди.

Делегация аъзоларига бугунги кунда МДҲ давлатларида энг замонавий ва инновацион ҳисобланадиган заводнинг Марказий бошқарув пулти ва Лабораторияси тақдим этилди. Бундан ташқари, делегация аъзолари муҳандислар учун Симуляция ўқув маркази билан ҳам танишдилар.

Қозоғистон Республикасининг Атирау вилояти ҳокимлиги вакиллари Ўзбекистонда углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш соҳасида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар ва нефт-кимё саноатининг ривожланиш суръатларига қизиқиш билдирдилар.

GTL заводи йилига 1,5 миллион тоннадан ортиқ юқори сифатли, экологик тоза дизел, керосин, нафта ва суюлтирилган газ каби юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни таъминлайди.