Baku Energy Week: Швейцариянинг “SGS” компанияси “Uzbekistan GTL” заводининг маҳсулотларини халқаро сертификатлаштиришини амалга оширади

image

 2022 йил 2 июн куни Боку Энергетика  Ҳафталиги (Боку, Озарбайжон) доирасида “Uzbekistan GTL” ва “SGS” ўртасида ўзаро Англашув Меморандуми имзоланди.

Меморандумда  Ўзбекистондаги GTL заводининг нефт маҳсулотлари ва саноат майдонларини текшириш бўйича хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, тайёр GTL маҳсулотларини халқаро стандартлар бўйича лаборатория синовидан ўтказиш, шунингдек, тажриба алмашиш кўзда тутилган.

Англашув Меморандумини имзолаш “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви Раисининг биринчи ўринбосари Шаҳзод Алиризаев иштирокида Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Каспий минтақасининг энергетика соҳасидаги энг нуфузли тадбирлардан бири бўлган Боку энергетика ҳафталиги доирасида 27-Каспий нефт ва газ халқаро кўргазмасида бўлиб ўтди.

“Биз учун бундай ноёб ва инновацион “Uzbekistan GTL” заводи билан ҳамкорликни бошлаш катта шарафдир. Биз компанияларимиз ўртасида премиум даражали  ёқилғи бўлмиш GTL ёқилғиси сифатини назорат қилиш соҳасида узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик қилишига ишонамиз”, – деди “SGS Tashkent” ижрочи директори Дилшод Жўраев.

Швейцариянинг “SGS” компанияси назорат, экспертиза, синовлар ва сертификатлаштириш бозорининг етакчисидир. “SGS” га 1878 йилда асос солинган бўлиб, ҳозирги кунда у сифат ва бизнес этикаси бўйича жахон эталони сифатида тан олинган. Штаб-квартираси Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган, бутун дунё бўйлаб 2600 дан ортиқ офис ва лабораториялардан иборат “SGS” тармоғида 97 000 дан ортиқ ходим ишлайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ “SOCAR” Озарбайжон Давлат нефт компанияси  таклифига  биноан Боку энергетика ҳафталигида  иштирок этмоқда.

Боку энергетика ҳафталиги Каспий минтақасининг нефт-газ ва энергетика соҳасидаги энг нуфузли тадбир бўлиб, унинг  тантанали очилиш маросимида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев  иштирок этди.