“Uzbekistan GTL ” заводига ишлаб чиқариш экскурсияси ташкил этилди

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ижросини таъминлаш мақсадида  жорий йилнинг 30 август куни Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилган эди ва унда Таълим кластери доирасида мактаб ўқувчиларини ишлаб чиқариш корхоналарига экскурсиялар ҳамда соҳа фахрийлари билан учрашувлар ташкил этиш топшириқлари берилган эди.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ғузор туманидаги 68-сонли давлат ихтисослаштирилган умумий таълим мактаб-интернати ўқувчилари ҳамда Тошкент шаҳридаги Абу Али Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаби ўқувчилари учун “Uzbekistan GTL ” МЧЖ да ишлаб чиқариш экскурсияси ва “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.

Экскурсия давомида ўқувчилар GTL заводининг марказий лабораторияси фаолияти, лабораторияда ўрнатилган замонавий ускуна ва жиҳозлар билан, уларда амалга ошириладиган кимёвий таҳлиллар ва уларн амалга ошириш жараёнлари билан танишдилар.

Сўнг ўқувчилар, заводнинг бошқарув марказида технологик ва ишлаб чиқариш жараёнларини бошқариш билан танишиш ва муҳандис-технологларнинг фаолиятини кузатиш имкони бўлди.

Ташриф давомида Uzbekistan GTL заводида ҳамда Шўртан газ-кимё мажмуасида кўп йиллардан буён ибратли фаолият юритиб келаётган соҳа фахрийлари билан “Уч авлод” учрашуви ўтказилди. Учрашув давомида фахрийлар томонидан нефт ва газ соҳасининг ўзига хос афзалликлари, шу билан бир қаторда машаққатли ва шарафли меҳнат фаолияти йўллари тўғрисида айтиб ўтилди. Келгусида ёшлар етук мутахассислар бўлиб етишишлари учун ўз устиларида тинмай ишлашлари, кўп илм олишлари, хорижий тилларни мукаммал ўрганишлари лозимлиги бўйича тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Завод бўйлаб ташкил этилган экскурсия ва фахрийлар билан ўтказилган учрашувдан сўнг, ўқувчилар унутилмас таассуротлар олганлигини, келгуси ўқишлари учун илҳомга тўлганлигини миннатдорлик билан изҳор қилдилар.